Ўзбекистон-Қозоғистон: ҳамкорликнинг истиқболи ва янги қирралари
2017 йил 22- 23 март. Меҳр – оқибат, янгиланиш, яшариш ва дўстлик байрами бўлмиш Навруз кунлари икки давлат раҳбарларининг – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув ва музокараларини экспертлар ҳар томонлама самарали ва алоқаларда янги саҳифани очди, дея баҳоладилар. Таъкидлаш жоизки, икки қардош халқ ўртасидаги муносабатлар айём тарғиб этадиган ғоялар – ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳурмат, ишонч ва дўстлик асосида ривожланиб бормоқда.
2 миллиард доллар, бу 2016 йил якунларига кўра мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми. Учрашувда таъкидланганидек, бу кўрсаткич айни дамдаги мавжуд салоҳиятга мос эмас. Шу сабаб томонлар савдо айланмасини камида икки баробарга оширишдан манфаатдорлар. Салоҳият кўламини эса Ўзбекистоннинг Миллий саноат ярмаркаси ва ҳар икки давлат ишбилармон доиралари қатнашган бизнес форумдан ҳам англаш мумкин бўлди. Унда Ўзбекистон ва қозоғистонлик 500дан зиёд тадбиркорлар иштирок этдилар. Икки тадбир натижаси ўлароқ эса 1 миллиард долларга яқин савдо шартномалари ва сармоявий келишувлар имзоланди.
Ўзбек автомобиль саноати ярмарканинг энг нуфузли қисми бўлди, десак янглишмаймиз. Айнан ушбу соҳа ҳамкор давлат томонида алоҳида қизиқиш уйғотди. Айтиш жоизки, бугунги кунда ўзбек автомобилсозлиги инновацияларни жорий қилиш ва жадал ривожланиш бўйича қарийиб 23 йиллик тажрибага эга. Тадбирда ҳам “ЎзАвтосаноат” АК мутаҳассислари тармоқ корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг кўламини намойиш қилишди. Кўргазмалар зали майдонида “ЎзАвтосаноат” АК томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллардан тортиб, юк ташувчи автомобилларгача, маҳсус техникалар,ТНП, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, шунингдек, турли спорт анжомларини кўриш мумкин эди.
Батафсил маълумот.
“O‘zavtosanoat” AK axborot xizmati
Manbaa: avtosanoat.uz