ORQAGA QAYTISH “ЎЗАВТОСАНОАТ” АЖ ЎТКАЗГАН СТАРТАП-ЛОЙИҲАЛАР ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

4Y2A1445

“Ўзавтосаноат” АЖ ташкил этган UzAuto Market инновацион платформасидаги стартап-лойиҳалар танловига якун ясалди. Танловга Ўзбекистоннинг барча минтақаларидан жами 140дан зиёд ариза топширилди, улар қаторида нафақат машинасозлик тармоғи, балки тиббиёт, АКТ, маркетинг ва бошқа йўналишлардан ҳам лойиҳалар бўлди.

Энг яхши йигирматаликка кирган лойиҳалар тақдимоти UzAuto Market стартап-платформаси биносида ўтказилди. “Ўзавтосаноат” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Park) вакилларидан иборат ҳайъат баҳолари натижасига кўра, бош мукофотларни қуйидаги лойиҳалар муаллифлари қўлга киритдилар:

I ўрин – Шоҳруҳ Ҳайдаров, Shaxcar Smart System – мобил телефон ёрдамида автомобилни овозли бошқариш тизими лойиҳаси билан.

II ўрин – Зафар Тошпўлатов, “Сунъий интеллект ёрдамида сут безини диагностика қилиш” лойиҳаси билан.

III ўрин – Рамиль Рафиков, Cobalt машинаси учун Dreamdash ускуналар панели лойиҳаси билан.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 60 000 000 сўм бўлган, UzAuto Market инновацион платформасида ташкил этилган стартап-лойиҳалар танлови “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ташкил этилди. UzAuto Market стартап-майдончаси – бу ёшларга автомобилсозлик борасидаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқишга оид ўз ғояларини амалга ошириш имконини берувчи Ўзбекистондаги илк ноёб лойиҳадир. Майдонча  ҳам мамлакатимиздаги, ҳам чет элдаги ёшларни бирлаштириб, бугунги кунда ғоядан бизнесга сари мустақил ва ташқи инвестицияларсиз йўл топиши қийин бўлган кашфиётчиларга ёрдам беради. Стартап-платформа – бу ишлаб чиқувчилар, ишлаб чиқарувчи авлодлар ва харидорлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шакли бўлиб, бевосита ўзаро алоқа асосида амалга оширилмоқда.